"Боко Ҳарам" жангарилари Нигерия шимоли-шарқида жойлашган ўқ-дори фабрикаси суратиларини тарқатди.

Тахмин қилинишича, бу суратдаги фабрика Борно штатидаги коллеж ўрнида қурилган. Ушбу сурат Би-би-си журналистига Камерунга мансуб телефон рақами ўрнатилган мессенжер орқали юборилган.

"Жангарилар ўз терактларида реактив гранаталардан фойдаланиб келишаётгани нигерияликларда улар бундай қуролларни қаердан олаётгани бўйича саволлар пайдо қилаётганди. Бу фотосурат орқали кўринадики, уларда қуролсозлик бўйича замонавий ва юқори технологиялардан фойдаланиш кўникмаси мавжуд", дейилади хабарда.

Бундай суратлар ИШИДга тегишли сайтларга ҳам жойлаштирилган.

Маълумот учун, "Боко Ҳарам" 2014 йилнинг майида БМТ томонидан террористик ташкилот сифатида эълон қилинган. 2015 йилнинг мартида бу ташкилот ИШИДга қасамёд қилиб, ўзини унинг Ғарбий Африкадаги бўлими сифатида эълон қилганди.