Буюк Британиядаги Subway ресторанлар тармоғининг Глостер шаҳридаги шохобчасида ишлайдиган Карли исмли қиз ресторандаги музлатгичда 8 соатга яқин вақт ўтказди, деб хабар бермоқда The Independent нашри.

Карлининг айтишича, у тунги сменада бир ўзи ишлаган. У сутни катта музлатгичга қўймоқчи бўлганда музлатгич эшиги ёпилиб қолиб, қиз унинг ичида эрталабгача, бошқа ходимлар келиб уни чиқариб олмагунларича қолиб кетди.

”Аввал мен саросимага тушиб, эшикни очиш мумкин бўлган нарса қидира бошладим. Сўнгра мен картон бўлакларида “ёрдам беринг” деб ёзишга уриндим. Менимча, мен картонга кетчуп ёки майонез билан ёзиб, эшик тагидан ташқарига суқиб ҳам кўрдим. Охир-оқибат мен шунчалик музлаб қолдимки, эшикни очишга уринишга ҳам ҳолим қолмади. Мен ўша куни жуда юпин кийиниб олгандим: устимда фақатгина леггинс билан ишчи футболка бор эди. Эртасига мен шифохонага келганимда менга ҳаддан ташқари совқотганимни айтишди ва менга уйга келишим биланоқ исинишга ҳаракат қилдим”, деб эсламоқда воқеаларни Карли.   

Қизнинг таъкидлашича, у бўлиб ўтган воқеадан кейин узоқ вақт уйдан чиқишга юраги бетламаган ва ҳанузгача руҳий изтироб чекмоқда.

Ушбу воқеа юзасидан 26 октябрда Челтнем шаҳар судида бўлиб ўтган суд йиғилишида суд Subway ресторани брендидан франшиза асосида фойдаланувчи CM Ventures компаниясини инсон соғлиғи ва хавфсизлигига зиён етказишда айблади. Subway вакили тергов ҳали давом этаётгани сабаб бирор-бир изоҳ бера олмаслигини айтди.