Руминия президенти Бухарестдаги ёнаётган клубда одамларга ёрдам бериш вақтида ҳалок бўлган икки эркакни ўлимидан сўнг тақдирлади, дея хабар бермоқда Mediafax.
36 ёшли Клаудиу Петре ва 38 ёшли Адриан Ружина ўлимидан сўнг “Мардлик, фидокорлик ва ғамхўрлиги учун” миллий ордени билан тақдирланишди.

Ҳар икки эркак биринчи уринишда клубдан чиқишга улгуришган, бироқ ортга қайтиб, у ердагиларни қутқаришга киришишган. Фотограф бўлиб ишлаган Петре икки марта клуб биносига қайтиб, аёлларни олиб чиққан, сўнгра яна оловга кириб кетган. Барабанчи бўлиб ишлаган Ружина эса тўполон вақтида йиқилиб, қолиб кетган кишиларга ёрдам берган, ис газидан заҳарланиб вафот этган.

“Ўз шахсий ҳаёти эвазига улар жума кунги фожеа вақтида инсон ҳаётини сақлаб қолишди... уларнинг умри тугамади, чунки қаҳрамонлар ҳеч қачон ўлмайди”, - деб ёзди мамлакат президенти Клаус Йоханнис ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябрга ўтар кечаси Руминия пойтахти Бухарест шаҳридаги тунги клубда ёнғин содир бўлган эди.

Ўша вақтда клубда 400 нафарга яқин киши бўлган. Уларнинг 150 нафарга яқини турли даражадаги куйиш ва ис газидан заҳарланиш жароҳатини олган бўлса, вафот этганлар сони 31 нафарга етди. Фожиа муносабати билан мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.