Украина президенти Пётр Порошенко чет эл фуқаролари ва фуқаролиги йўқ шахсларга Украина қуролли кучларида ҳарбий хизмат ўташга рухсат берадиган қонунни имзолади. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги хабар бермоқда.
Қонун Олий Рада томонидан 6 октябрь куни қабул қилинган эди.

Ҳужжатда тушунтирилишича, халқаро ҳуқуқий амалиёт хорижликларнинг шартнома асосида расмий ҳарбий қисмларда, ўз юртидан ташқарида хизмат ўташ ҳуқуқини белгилаб берган. Шу боис Украинада ҳам шундай амалиёт жорий қилинмоқда.
Бундан ташқари, шартнома асосидаги ҳарбий хизматга муқаддам судланмаган, Украинада қонуний асосида яшаётган чет элликлар ва фуқаролиги йўқ шахслар қабул қилиниши мумкинлиги белгилаб берилди.