29 октябрь куни Қуёшда йирик портлаш содир бўлганидан сўнг 3 ноябрь куни Ерда магнит бўрони бошланди.

Тошкент вақти билан 12:30да Қуёш тожидан қўзғалган оқим Ер орбитасига етиб келди. Қуёш шамолининг тезлиги соатига 600 километрни ташкил этди.
Олимлар магнит бўронини 1 ноябрь куни содир бўлишини тахмин қилишган эди.
Маълумот учун, Қуёшда содир бўлган улкан портлашлар космик кенгликларга катта миқдордаги зарядланган зарраларни тарқатиб юборади. Асосан протон ва нейтронлардан иборат Қуёш шамоли тўлқинлари сониясига 400-1000 километр тезликда ҳаракатланиб, 1-2 кун ичида Ер атмосферасига етиб келади.

Магнит бўронлари вақтида артериал гипертония ва гипотония қайд этилган беморлар, шунингдек, кексалар, болалар, ҳомиладор аёллар ва психоэмоционал таъсирчан кишилар ўзларини нохуш ҳис этишлари мумкин.

Магнит бўронларининг салбий таъсирларини бартараф этиш ҳозирча имконсиз. Фақатгина уларнинг хавфлилик даражасини камайтириш мумкин. Бунинг учун аввало алькогол ичимлари ва тамаки маҳсулотлари, жисмоний зўриқишлардан воз кечиш тавсия қилинади. Қон босими ва асаб хасталиклари мавжуд беморлар бу вақт мобайнида парвоз ҳамда ерости жамоат транспортларидан четда юрганлари маъқул. Магнит бўрони вақтида қонда холестерин миқдори ортиши кузатилгани боис, бундай пайтларда ёғли ва кучли калорияли таом ҳамда дисертларни истеъмол қилишдан тийилиш лозим. Улар ўрнига бўтқа, барра сабзавот ва мевалар, қайнатилган балиқ ва жавдар нон тановвул қилиш мақсадга мувофиқ. Тоза сув, ширин кўк чой ҳам бундай ҳолатда ижобий таъсир кучига эга.