Геленжикда тез ёрдам бригадаси ходимлари билан муштлашган Rolls-Royce эгаси Жўмарт Каменов жабрланувчи деб топилди. Бу ҳақда “Югополис” нашри хабар бермоқда.
Каменов томонидан дўппосланган тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси 5 минг рубль жарима тўлайдиган бўлди.

Ўтган йилнинг 24 август куни Геленжикда тез ёрдам бригадаси чақирув бўйича иситмаси кўтарилган болани текширишга келиб, машинаси подъезд яқинида жойлаштирган. Шу пайтда Москва рақамларига эга Rolls-Royce бу ердан ўтаётган эди. Қимматбаҳо машина эгаси тиббий ходимлари билан жанжаллашиб, реанимобиль ҳайдовчисига ҳужум қилган эди.

Машина ичидаги 3 киши унга тиббиёт ходимини калтаклашда “ёрдам” бериб юборди. Ҳайдовчига ёрдам бермоқчи бўлган аёл фельдшер ҳам бойвачча безорилар томонидан саваланди.
Ўтган йил октябрида Жўмарт Каменов бир йиллик озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилган эди. Аммо Каменов апелляцияга бериб, реанимобиль ҳайдовчисининг айбдор деб топилишига ва 5 минг рубль жарима тўлашига эришди.