Германияда интернет орқали ярим йил давомида қарийб бир тонна гиёҳвандлик моддасини сотишга улгурган 20 ёшли йигит етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда The Local хабар бермоқда.

Онлайн-наркосавдогарнинг фамилияси маълум қилинмади, фақатгина унинг исми маълум — Максимилиан. Полиция маълумотига кўра, у ўз фаолиятини 2013 йил охирларида бошлаган. Онаси билан бирга яшаган Максимилиан наша, экстази, кокаин ва ЛСД гиёҳванд моддаларини харид қилиб, қайтадан сотиб юрган. Наркотикларни ўз ётоғида асраган. Умумий қийматда 914 килограмм тақиқланган моддаларни сотиб, 4 миллион евро давромад кўрган, унинг ётоғи тинтув қилинганида, яна 300 килограмм гиёҳванд моддалар топилган.

Максимилианнинг 48 ёшли онасининг айтишича, фарзандини қатъий тарбия қилган: турли кечаларга бормаган, қизлар билан учрашмаган. Бироқ йигит у айтгандай бўлиб чиқмади. Наркополиция кўзидан йироқ бўлиш учун Нидерландия серверларини ижарага олган, турли IP-манзиллардан фойдаланиб, электрон почта хабарларини шифрлаган, товарлар мижозларга фақатгина буюртма орқали юборилиб, тўловлар биткоинларда амалга оширилган, пулларини эса сохта ҳужжатлар билан очилган банк ҳисобларида сақлаган. Полицияга “дунёдаги энг яхши онлайн-наркосавдогар бўлишни истаганини” тан олган.

Максимилиан тасодифан қўлга тушиб қолган: куръер қандайдир сабаб билан наркотиклар солинган бандеролни умумий йўлакда қолдириб кетган. Қизиқувчан қўшнилар қутини очиб кўриб, полицияни чақирган.