Google компанияси ўзининг автопилотга эга автомобилларини йўлларда болаларни танишга ўргатмоқда. Бу ҳақда компаниянинг расмий блогида маълум қилинди.

Бунинг учун компания ўз ходимларининг фарзандларини таклиф қилиб, улардан автомобиллар сенсорлари олдида карнавал костюмларида югуриб юришни сўрашди. Гап шундаки, болаларнинг йўллардаги хатти-ҳаракатлари катталарникидан анча фарқланади ва уларни олдиндан айтиш қийин бўлиши мумкин, айниқса байрамларда. Шунинг учун автомобиль тизимига дастлаб кўчада болаларни бошқа одамлардан ва объектлардан фарқлашни ўргатиш лозим. Болаларнинг йўлдаги хавфсизлигини таъминлаш Google’нинг автопилотга эга автомобиллари лойиҳаси яшаб кетишининг асосий омилларидан ҳисобланади.