Германия мамлакатга келаётган максимал сондаги қочқинларни бошпана билан таъминлашга ҳаракат қилиши туфайли мамлакатдаги 102 кишилик аҳолига эга Зумте қишлоқчаси 750 муҳожирни қабул қилишга мажбур бўлмоқда, деб хабар бермоқда The Independent нашри.

Қуйи Саксонияда жойлашган бу қишлоқда бор-йўғи битта кўча бўлиб, у бўйлаб уйчалар қад кўтарган. Қишлоқда ҳаттоки дўкон, мактаб ва полиция бўлими ҳам йўқ. 2 ноябрда қишлоққа 750 муҳожир келиши режалаштирилган. Шу тариқа қишлоқ аҳолиси бир кечада 7,5 баробарга ошиб кетади.

Дастлаб қишлоқ минг нафар қочқинни қабул қила олиши тахмин қилинганди, бироқ маҳаллий канализация тизимига оғирлик тушишининг олдини олиш мақсадида уларнинг сонини камайтиришга қарор қилинди.

Қишлоқ мэри Кристейн Фабель ва унинг рафиқаси бу хабарни ҳазил сифатида қабул қилиб, буни “аниқ ҳақиқатга тўғри келмаслигини” айтишган.

“Бизда ҳеч қандай инфратузилма йўқ. Бизда жамоатчилик транспорти ҳам деярли йўқ. Биз бир тупкада жойлашганмиз”, деб изоҳ бериб ўтди мэр.

Маҳаллий аҳоли йиғилишида муҳожирларнинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш учун махсус полиция бўлимини тузиш таклиф қилинди. Бироқ туман полиция бошлиғи ўринбосари бу таклифни қабул қилмади ва буни “ҳаддан ортиқ чора” деб айтди.