Гарри Поттер саргузаштлари ҳақидаги эртак-асарлар муаллифи Жоан Роулинг болалар адабиёти билан шуғулланишга қайтмоқчи. Бу ҳақда Буюк Британиядаги Telegraph нашри хабар тарқатган.

Қайд этилишича, Роулинг хоним сеҳргар бола - Гарри Поттер ҳақидаги болалар учун сўнгги асарини 2007 йилда ёзган ва шундан кейин катта адабиёт билан шуғулланишни бошлаганди.

У кейинги асарларини Роберт Гэлбрэйт тахаллуси билан нашр қилдирган.

"Мен болалар учун ёзаётган навбатдаги асаримнинг нашрдан чиқиш муддати ҳақида аниқ айта олмайман, лекин мен янги асар ёзишга киришдим. Болалар учун ёзиш кўпроқ завқ беради. Мен бу асарни ёзиб тугатаман", дейди ёзувчи.

"Баъзида мен асарларимни тугатишга улгурмасдан вафот этишдан қўрқаман. Ҳозирда ўрта ёш инқирози ҳолатидаман ва ҳозир ҳам шу эҳтимол ҳақида ўйлаб хавотирланиб яшаяпман", дейди у.

Маълумот учун, инглиз ёзувчиси Жоан Роулинг 1997-2007 йиллар мобайнида Гарри Потер ҳақидаги 7та асарини эълон қилган, бу асарлар дунёнинг 65 тилида чоп этилган. Унинг бу эртак-асарларининг умумий тиражи 400 миллиондан ортиқ. 2011 йилда унинг асарлари асосида суратга олинган Гарри Поттер ҳақидаги фильмларнинг еттинчиси намойиш қилинганди. "Гарри Поттер" бренди айни вақтда 7 миллиард фунт стерлингга баҳоланган.