Ўзбекистонлик жамоат арбоби, президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова ўзининг Instagram’даги расмий саҳифасида давлат арбобига айланиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзларга муносабат билдирди.

“Ҳокимиятга бўлган муносабатим болалигимдаёқ шаклланган, - деб ёзди у. – Инсонларнинг шундай примитив қисми борки, улар ҳокимиятни одамни бахтли қилиши мумкин деб, ёки ҳокимият бу роҳат-фароғат манбаи деб ҳисоблашади... Бундай фикрдаги инсонлар кўпинча ҳокимиятнинг ҳатто кичик бир улушини ҳам эплай олмайди, уни тегишлича қўлламай, одамларга ҳамда ўзлари бажариши лозим бўлган ишга катта зиён келтиришади. Бундай мисолларни кундалик ҳаётимизда кўп кўрганмиз”.

Лола Каримованинг фикрича, олийжаноб инсонлар учун ҳокимият биринчи навбатда улкан масъулиятдир.

“Менинг мақсадим ва миссиям биринчи навбатда оилам ва ўзимнинг руҳий камолотимга алоқадордир, - давом этди у сўзида. – Умид қиламанки, болаларим яхши, олийжаноб ва меҳрибон инсонлар бўлиб улғайганида мен бу муҳим вазифани бажарилган деб ҳисоблайман”.

Шунингдек, у хайрия ишини давом эттиришини таъкидлаб ўтди.

“Ҳаётимда кўплаб вазифалар қўйилган, уларни аниқ кўриб турибман, аммо улар орасида ҳокимият тепасига келиш йўқ”, - деб хулоса қилди Каримова.