Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисининг фикрича, ИШИД Синайда Россияга тегишли А321 самолётини уриб туширгани ҳақида эълон қилиб, ўзини яна бир марта тарғиб қилди.

Миср раҳбари журналистларга берган интервьюсида самолётнинг ҳалокатига айнан нима сабаб бўлгани ҳақида аниқ гап айтиш учун ҳали бироз кутилиши кераклигини таъкидлаб ўтган.

"Барча бу ҳодиса бўйича текширувда иштирок этиши мумкин. Лекин ИШИДнинг бу самолётни уриб туширгани ҳақидаги хабарлар шунчаки гиж-гижлаш ва жангариларнинг ўзини "пиар" қилишидир. Бу шунингдек, Мисрнинг имижини бузишга уриниш ҳисобланади. Сизларни ишонтириб айтаманки, бу ҳодиса юз берган ҳудуд Миср томонидан жиддий назорат остида бўлиб турибди, жангарилар Миср осмонидаги самолётни осонлик билан уриб тушираверишмайди", дейди президент.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Миср вақти билан 6:51 да (Тошкент вақти билан 9:51) Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича 9268 рейсини амалга ошираётган Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолди. Мазкур самолёт бортида 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.