Охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда ва матбуотда кўплаб муҳокамага сабаб бўлаётган хонанда Муниса Ризаева 19-21 октябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўтказган концерт дастуридан сўнг яна бир бора интернет қаҳрамонига айланди. Воқеа тафсилотлари “Даракчи” газетасида келтирилди.

Гап шундаки, концертнинг охирги куни бўлмиш 21 октябрда хонанда туғилган кунини нишонлаётган эди. Концерт чоғида Ризаевага “сюрприз” тариқасида катта экранда Россия ва Украина эстрада юлдузлари Филипп Киркоров, Ани Лорак, Валерий Леонтьев, Стас Михайлов, Николай Басков ва бошқаларнинг табриклари намойиш этилди. Таъкидланишича, бу табрикдан Ризаеванинг ўзи ҳам жуда хурсанд бўлган ва, балки унинг монтаж эканлигидан бехабар бўлган.

Эртасига актриса Шаҳзода Муҳамедова ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасига ўша видеодан парча жойлаштирилганда айрим фойдаланувчилар тезда унинг оригиналини топиб берди. Маълум бўлишича, клип россиялик хонанда Лолитанинг 50 йиллиги муносабати билан йўлланган табриклар кесмасидан иборат экан.
Бу ҳолат мухлислар ўртасида қизғин баҳсларни келтириб чиқарди. Муниса Ризаеванинг ўзи ҳам муҳокамани кузатиб борган шекилли, ўзини тутиб туролмади ва бироздан сўнг видео остига “Одамлар, уялмайсизми, туҳмат қилишга? Ҳаммангизни Худо солдим”, дея изоҳ қолдирди.

Бундай вазият нега юзага келганини концерт бош режиссёри Рустам Шамсиддинов ҳам аниқ тушунтириб бера олмади.
“Сюрприз”га келадиган бўлсам, - деди у, - буни Мунисанинг фан-клуби аъзолари тайёрлашган. Нима мақсаддалигини билмадиг-у, табрикларни тўплаб, уни Мунисага қайта тақдим этишган”.

“Балки режиссёр ва фан-клуб аъзолари “сюрприз қилишмоқчи бўлишгандир, аммо бу Муниса учун омадсиз совға бўлди деб ўйлаймиз, - хулоса қилди материал муаллифи. – Аниқроғи, аслида бошқа бир юлдузга аталган, интернетдан шундоқ кўчирилиб тақдим этилган ушбу совға дарҳақиқат Мунисани ноқулай аҳволга солиб қўйгани ачинарли бўлди”.