Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Лондонга расмий ташрифи чоғида инвестицион оқим ҳажмини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг турли йўналишларидаги истиқболлар муҳокама қилинади.

Назарбоевнинг матбуот котиби тарқатган ахборотга кўра, Қозоғистон етакчиси бугун Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон билан учрашув ўтказади, шунингдек, Елизавета II томонидан қабул қилинади. Шундан кейин у Британиянинг ишбилармон давралари вакиллари билан учрашув ўтказади.

Бу Назарбоевнинг Буюк Британияга уюштирган тўққизинчи ташрифидир. Бу сафарги ташриф икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги даражага кўтаришга йўналтирилган, деб хабар берди Қозоғистон сенати раиси Қосим-Жўмарт Тўқаев.