Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар 2016 йилда Ўзбекистонда ЯИМ – 7,8 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш – 8,2 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари – 6,1 фоиз, капитал қўйилмалари ҳажми 9,6 фоизга ўсишини кўзда тутмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2015 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,0 фоиз ўсганини хабар қилган эди. Осиё тараққиёт банки эса Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши башоратларини ўзгартирмаган ҳолда, ушбу кўрсаткични 2015 йилда 7, 2016 йилда 7.2 фоиз ҳажмида қолдирганди. Жумладан, 2015 йилда юртимизда саноат ишлаб чиқариши 7,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — 6,6 фоиз, истеъмол товарлари — 10,1 фоиз, чакана савдо айланмаси 15 фоиз ва хизматлар — 12,9 фоиз ўсди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитасининг 2015 йил 29 октябрда бўлиб ўтган мажлисида 2016 йилда давлат бюджети даромадлари 40,5 триллион сўмни, харажатлар – 42,7 триллион сўм ва дефицит – 2,2 триллион сўм ёки ЯИМга нисбатан 1 фоизни ташкил этилиши маълум қилинди.