Ўзбекистонда ижтимоий харажалар учун ажратиладиган харажатларнинг солиштирма ҳажми 2015 йилдаги 58,7 фоиздан 2016 йилда 59,2 фоизга қадар ортади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитасининг 2015 йил 29 октябрда бўлиб ўтган мажлисида маълум қилинган.

Қайд этилишича, ижтимоий харажатларда салмоқли ўринни эгаллайдиган таълим ва соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағлар миқдори 2015 йилги билан солиштирилганда ўсиш тенденцияларини сақлаб қолади. 2016 йилда ЯИМда таълим ва соғлиқни сақлашнинг солиштирма улуши мос равишда 6,8 ва 2,8 фоиз бўлиши башорат қилинмоқда.

Депутатларнинг таъкидлашича, 2016 йилдаги бюджет сиёсати концепциясида асосий эътибор бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганини ошириш, аҳолига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва бюджет ташкилотлари ишчиларининг ойлик маоши, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақаларнинг ҳар йиллик кўтарилиши ҳисобига аҳоли фаровонлигини изчиллик билан оширишга қаратилади.

2016 йилда давлат бюджети даромадлари 40,5 триллион сўмни, харажатлар – 42,7 триллион сўм ва дефицит – 2,2 триллион сўм ёки ЯИМга нисбатан 1 фоизни ташкил этилиши кўриб чиқилмоқда.