2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олган ўзбекистонлик спортчилар сафи яна биттага кенгайди.

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган Жаҳон Гран-Присининг навбатдаги босқичида Ўзбекистон вакили Раънохон Аманова 200 метр масофага комплекс усулда сузиш бўйича мусобақада 2:13,08 сония натижа қайд этиб, “Рио-2016” ўйинларига лицензияни қўлга киритди (ушбу масофада Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун белгиланган меъёр 2:14,20 сонияни ташкил этади).

Бугун Қатарда ўтказилаётган Жаҳон Гран-Присида яна бир ўзбекистонлик Владислав Мустафин 100 метр масофага брасс усулда сузиш мусобақасида стартга чиқади.

Жаҳон Гран-Присининг навбатдаги босқичи 6-7 ноябрь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилади.

Ўзбекистон сузиш федерацияси матбуот хизматидан маълум қилинишича, Доҳа ва Дубай шаҳарларида ўтказиладиган Жаҳон Гран-Присига Ўзбекистондан 9 нафар спортчи йўл олган.

Маълумот учун. Раънохон Аманова 2012 йили Лондон шаҳри (Буюк Британия)да бўлиб ўтган ХХХ ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган.