Бухарест полицияси ўтган ҳафтада ёнғин чиқиб, 31 кишининг ўлимига сабаб бўлган маҳаллий тунги клубнинг уч нафар раҳбарини ҳибсга олди, дея хабар берди ВВС.
Қўлга олинганларга нисбатан қасдда қилинмаган қотиллик айби қўйилиши мумкин, бироқ ҳозирча улар билан кўп соатлик сўроқлар ўтказилмоқда.

Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин саҳнага рок-гуруҳ чиққан вақтида отилган мушаклар натижасида келиб чиққан.
Бу пайтда залда жами 400 киши бўлган, ёнғин бошланганидан сўнг тўполон бошлангани сабабли кўпчилик тезда ташқарига чиқа олмай қолган.

Гувоҳларнинг қайд этишича, клубда мушакбозлик билан ўтказилувчи концертлар учун белгиланган хавфсизлик талабларига тўлиқ ҳам риоя қилинмаган, авариявий чиқиш йўли бўлмаган ва ҳамма жой тез аланган олувчи шовқин ютадиган материаллар билан ўралган бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрга ўтар кечаси Руминия пойтахти Бухарест шаҳридаги тунги клубда ёнғин содир бўлган эди. Ўша вақтда клубда бўлганларнинг 150 нафарга яқини турли даражадаги куйиш ва ис газидан заҳарланиш жароҳатини олган. Вафот этганлар сони 31 нафарга етди. Фожиа муносабати билан мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.