Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг буйруғи билан спортчи, мураббийлар ва ҳакамларга қўйиладиган квалификацион талабларга ўзгартишлар киритилди, деб хабар беради Norma.uz.

Айтилишича, эндиликда квалификацион талаблар терма жамоа аъзолари ҳамда спортчи-инструкторларга ёш принципи асосида қўйилади. Жумладан, терма жамоа аъзолари ҳамда спортчи-инструкторлар катта ёшли жамоаларда “Спорт усталигига номзод” категорияси ёки “Халқаро тоифасидаги Ўзбекистон спорт устаси” ёки “Ўзбекистон спорт устаси” спорт унвонига, ёшлар жамоаларида камида битта спорт разрядига, ўсмирлар жамоаларида эса камида болалар учун биринчи спорт разрядига эга бўлиши лозим.

Бундан ташқари, “оддий” спортчидан ташқари квалификацион талаблар паралимпия ва сурдлимпия спорт турлари бўйича терма жамоалар аъзоларига қўйилмайди.
“Мураббий-ўқитувчи” квалификацион категория эмас, лавозим бўлгани туфайли терма жамоанинг бош ва катта мураббийлари “Олий категория мураббийи” категориясига, терма жамоа мураббийи эса “Биринчи категория мураббийи” категориясига эга бўлиши кўзда тутилган.
Буйруқ ЎзР қонунчилик тўпламида 2 ноябрда нашр қилиниши билан кучга кирди.