Ўтган ҳафта Хитой компартияси “бир оилага бир фарзанд” қонунини юмшатиб, оилаларга 2 фарзанд кўришга рухсат берилишини маълум қилганди. Бироқ янги қоидалар 2016 йилнинг март ойидан қонунан кучга киради.

Унгача барча аввалги қонунга амал қилиши керак бўлади, деб хабар бермоқда Хитой Соғлиқни сақлаш ва режали туғруқ ишлари бўйича давлат қўмитасига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги.

Хуан вилояти ижтимоий хизмати мансабдор шахси янги қонун эълон қилиниши пайтида ҳомиладор бўлган аёлларни қонунни бузганлик учун ҳеч қандай жазо кутмаслигини айтди. Хитой Соғлиқни сақлаш ва режали туғруқ ишлари бўйича давлат қўмитаси бу хабарни инкор этди.

“Янги қонун кучга кирмагунча, маҳаллий маъмуриятлар амалдаги қонунга амал қилинишини қаттиқ назорат қилиши, туғилиш миқдори ҳисобини олиб бориши ва ўзи мустақил қарор қабул қилмаслиги лозим”, деб айтилди қўмитада.

Хитойда бир неча ўнлаб йиллар давомида фақатгина бир нафар фарзанд кўришга рухсат берилган, кўп фарзандликка қатъий солиқлар солинган. Пекин аҳолисига 2013 йилдан икки нафардан фарзанд кўришга рухсат берилган.