Ўзбекистонлик адабиётшунос олим Зуҳриддин Исомиддинов “Оила даврасида” газетасида чоп этилган интервьюсида турли соҳа вакиллари томонидан тил масаласида йўлланган саволларга жавоб берди.
Авваламбор, у фильмлар ва сериалларда Тошкент шевасида гапирилишини танқид остига олинди.

“Воқеа Қарши ё Қўқонда кечади, аммо кинода ўша ерлик деб тақдим этилаётган одамларнинг деярли ҳаммаси, ҳатто бошига лачак ўраб олган “чет бир қишлоқдаги кампир” ҳам Тошкент шевасини қийиб ташлайди, - таъкидлади мутахассис. – “мен” деб, “катта” деб тили чиққан актёрлар ҳам шаҳар ҳавоси туфайли “манман”сирайдиган, “котта” кетадиган бўлиб қолди”, - деди у.

Шу билан бирга, мутахассис журналистика тилининг ортиқ даражада расмийлашиб кетгани, халқ тилидан узоқлашиб кетаётганини танқид остига олди.
“Бунақа хато, ғализ, сохта ифодалар, қовушмаган иборалар урчиб боряпти. Ҳолбуки, ахборотнинг тили ва услуби қанча лўнда, ўзбекона бўлса, ундаги фикр ва ғоялар ҳам одамга шунча осон сингади”, - таъкидлади Исомиддинов.

Шунингдек, у давлат тилини менсимаганларни жавобгарликка тортиш лозимлигини айтиб ўтди: “Мен шундай ўйлайман: “давлат тилини менсимаслик” деб топилган ҳар бир ҳодисага, кодексда белгиланганидек, энг кам ойлик иш ҳақининг 1-2 бараваригача жарима солинса борми, хазиналар тўлиб кетар эди. Кейин эса давлат тилини менсимайдиган одам топилмай ҳам қоларди. Лоақал шу жарима ҳам солинмаяпти-да!”.
“Она тилимиз давлат тили мақомига эришганига чорак асрдан ошди. Энг асл, чин ўзбекча ифодаларни излаб топишимиз керак. Уларни энди қўлламасак, қачон қўллаймиз?”, - хулоса қилди адабиётшунос.