АҚШда совуқлик муолажаларига мўлжалланган салонлардан бирининг ходимаси кабиналардан бирида оламдан ўтди.
Воқеа Лас-Вегасда содир бўлди. Rejuvenice криотерапия салони менежери, 24 ёшли, асли Гавайидан бўлган Челси Аке ишхонада ёлғиз қолган эди. Кузатув камераларида қайд қилинишича, Челси ишхонада қолиб, эшикларни беркитиб олган. Эртасига эрталаб салоннинг бошқа ходимаси Элис Иверсон Челсининг музлаб қолган танасини криосауналардан бирида топиб олди.

“Танасидаги муз қатламига қараганда, қиз криокамерага тушганидан бир неча дақиқа ўтиб оламдан ўтган, аммо яна 10 соат аппарат паст ҳароратда ишлашда давом этган”, - деб хулоса қилди Челсининг ҳалокати бўйича етакчи мутахассис, доктор Дэйл Каррисон.
Каррисон University Medical Center госпиталида қизнинг танасини биринчи бўлиб текширди.

“Бу менинг тажрибамда кузатилган энг даҳшатли ўлимлардан бири бўлди”, - тан олди шифокор.
Челси Акенинг ҳалокатини келтириб чиқарган сабаблардан бири сифатида полиция рапортида “Оператор хатоси” графаси киритилди. Бунда Челсининг ўзи назарда тутилмоқда, негаки ишдан ташқари соатлардан криокамералардан мустақил равишда фойдаланган Аке белгиланган вақт, яъни уч дақиқадан сўнг совуткич аппаратларни ўчира олмаган.

Версиялардан бирига кўра, қиз азот ажратмаларидан ҳалок бўлган. Азот кислородни сиқиб чиқариб, ўпкани тўлдиради. Вақтида кислород оқими келмаса, инсон шунчаки нафас ололмай кўз юмади.