Бугун, 4 ноябрь куни Жанубий Судан пойтахти Жуба аэропортидан парвоз қилиб, 800 метр масофада ҳалокатга учраган Ан-12 самолёти ҳақида батафсил маълумотлар пайдо бўлди.

Ҳукумат айни вақтда бу ҳалокат қурбонлари сони 41 нафарни ташкил этгани ҳақида маълум қилган. Шунингдек, самолёт бортида бўлганлардан 2 нафари тирик қолган.

ТАСС ахборот агентлигининг хабарига кўра, мазкур самолёт собиқ Чкалов номидаги авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида (Ҳозирги Тошкент механика заводи) тайёрланган.

Самолёт 1971 йилда эксплуатация қилинган ва 44 йилдан буён парвоз қилиб келаётганди.

Самолёт 1993 йилгача Россиянинг Магадан фуқаролик авиацияси бошқармаси таркибида бўлган. Шундан сўнг «Магадан Авиа Лизинг» авиакомпанияси мулкига ўтган, 1996 йилда у Сан-Томе ва Принсипида рўйхатдан ўтган British Gulf International авиакомпаниясига сотиб юборилган, 2007—2014 йилларда Арманистоннинг South Airlines ва Taron Avia ташувчилари паркида турган. 2014 йилда эса Тожикистоннинг Asia Airways компаниясига ўтган, сўнг Жанубий Суданнинг Allied Services Limited компанияси паркига келиб тушган.