Буюк Британиянинг Daily Telegraph нашрига берган интервьюсида Абдел Фаттаҳ ас-Сиси Россиянинг Metrojet Flight авиакомпаниясига қарашли А321 самолётининг жангари гуруҳлар томонидан учирилган ракета билан уриб туширилиши ёки ўрнатилган бомба орқали портлатиб юборилгани тўғрисидаги тахминларнинг асоссизлигини айтган.

31 октябрь тонгида Мисрнинг Синай яриморолида ҳалокатга учраган Россиянинг Metrojet Flight 9268 ҳаво лайнери ҳалокати билан боғлиқ гап-сўзларни танқид остига олар экан, Миср президенти бу маълумотларни ҳақиқатга зид ва бемаврид тарқатилган сохта хабарлар деб айтган.
31 октябрь, шанба тонгида Қизил денгиз соҳилларида жойлашган, Мисрнинг курорт шаҳри ҳисобланган Шарм-эл-Шейхдан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига учиш учун ҳавога кўтарилган.

Мисрлик расмийларнинг маълумотига кўра, парвознинг 23 дақиқасида самолёт радар тизимидан ғойиб бўлган. Унгача эса лайнер бортида фалокатга оид бирор ҳолат аниқланмаган. Самолёт Мисрнинг Исроил билан чегараси яқинидаги Эль-Кантала ва Эль-Лаксима тоғлари ўртасида қулагани маълум қилинган
Авиаҳалокат оқибатида кема бортидаги 224 киши, жумладан 217 нафар пассажир, 7 нафар экипаж аъзолари ҳалок бўлган. Уларнинг 209 нафари Россия, 4 нафари Украина, 1 нафари Белоруссия фуқаролари бўлишган.

Уч нафар йўловчининг фуқаролиги эса номаълум. Россия Миграция хизматининг маълумот тарқатишича, ҳалок бўлган россияликлар мамлакатнинг 13 та ҳудудидан бўлишган.
Airbus компаниясининг берган маълумотларига кўра, A321-200 самолёти 1997 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, 2012 йилда Metrojet бренди остида фаолият кўрсатувчи “Когалымавиа” компанияси тасарруфига ўтган. Ушбу ҳаво кемасида 21 мингга яқин парвоз рейси, жами 56 минг парвоз соати амалга оширилган.