Apple компанияси iPhone 5s’нинг 4 дюймли экранга эга яхшиланган версиясини тақдим этмоқчи, деб ёзмоқда The Verge KGI Securities компанияси ходими Мин-Чи Куога асосланиб.

Мин-Чи Куонинг сўзларига қараганда, бугунги кунда 4 дюймли Apple смартфонларига бўлган талаб ошиб бормоқда. Шу сабабли Apple учун 5s версиясининг металл корпусга эга бўлган кўринишда тақдим этиш фойдали бўлади.

Унинг маълум қилишича, гаджет 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида оммага тақдим этилади. У iPhone 6s ва iPhone 6s Plus’да қўлланилган чипга эга бўлади.

Сўнгги бир неча йил ичида Мин-Чи Куонинг бир нечта башоратлари тўғри чиққан. У Apple 4,7 ва 5,5 дюймли смартфон чиқариши, Apple Watch соати пайдо бўлиши, шунингдек, 12 дюймли MacBook ҳақида ҳам олдиндан башорат қилган эди.