Пекин Хитой ва Тайвань вакилларининг яқинда бўлиб ўтадиган учрашувига муносабат билдирди

Жаҳон 04 Ноябрь 2015 1376

ХХР раиси Си Цзиньпин ва Тайвань маъмурияти раҳбари Ма Инцзю ўртасидаги учрашув 7 ноябрь куни Сингапурда бўлиб ўтади. ХХР Давлат кенгашининг Тайвань ишлари бўйича девонхонаси бошлиғи Чжан Чжицзюнь бу тарихий воқеага ўз муносабатини билдирди.
Унинг таъкидлашича, бу “прагматик учрашув” бўлиб, “ягона Хитой” принципи асосида ўтказилади.

“Учрашув Хитойнинг континентал қисми ва Тайвань етакчилари ўртасидаги биринчи тўғридан-тўғри алоқаларнинг бошланиши бўлади, - таъкидлади сиёсатчи. – У икки томон алоқаларини мутлақо янги босқичга кўтаради”.
Тайвань кўрфазининг икки қирғоғида жойлашган давлатларнинг раҳбарлари ўртасида тарихда биринчи марта бўлаётган кутилмаган учрашув ҳақида биринчи бўлиб Тайвань маъмурияти хабар қилди. Бу ахборот чоршанба куни Чжан Чжицзюнь томонидан ҳам тасдиқланди.

1911 йили Синьхай инқилобидан сўнг Цин империяси ўрнида Хитой Республикаси эълон қилинган эди. Унинг биринчи муваққат президенти машҳур хитойлик сиёсатчи, Гоминьдан партияси етакчиси Сунь Ятсен бўлган эди. Ушбу ҳукумат континентал Хитойнинг каттагина қисмини ҳамда Мўғулистонни назорат остида ушлаб турган. Иккинчи Жаҳон уруши якунларига кўра у Японияга тегишли бўлган Тайвань ва Пэнху оролларини ҳам қамраб олган.

Аммо 1946-1950 йиллардаги фуқаролик урушида Гоминьдан раҳбарияти мағлубиятга учраб, Тайванга кўчиб ўтди ва Тайбэйни вақтинчалик пойтахтга айлантирди. Бугунги кунда Тайвандаги Хитой Республикаси ҳам, континентал қисмни бошқараётган Хитой Халқ Республикаси ҳам ўзларини Сунь Ятсен идеологиясининг ягона давомчиси ҳамда Синьхай инқилоби қадриятларининг ягона сақловчиси деб ҳисоблайди. Уларнинг бу муросасизлиги туфайли шу пайтга қадар бирор келишувга эришилмади.

Кўпроқ янгиликлар