Ҳолливуднинг марҳум киноюлдузи Робин Уильямснинг рафиқаси Сьюзан Уильямс эри орттирилган ақли заифлик – Леви таначалари деменцияси туфайли ўз жонига қасд қилганини тахмин қилиб кўрди.

“Уни тушкунлик ўлдирмади, - деди у People журналига берган интервьюсида. – Тушкунлик унинг 50 симптомидан бири эди, лекин асосийси эмас эди”.
Сьюзаннинг фикрича, хасталик чуқур ташвишни, моторика бузилиши ва галлюцинацияларни келтириб чиқарган. Бу белгилар 2014 йилдан намоён бўла бошлаган. Уильямс хонимнинг эслашича, бир сафар машҳур актёр олдидаги эшикни кўрмай, бошини ёриб олган.

Леви таначалари деменцияси (DLB) Альцгеймер билан бир қаторда энг кенг тарқалган орттирилган ақли заифлик хасталикларидан биридир. Унга йўлиққанлар сони дунё бўйича 1 млн киши ҳисобланади.

Робин Уильямс 2014 йилнинг 12 август куни ўз жонига қасд қилган эди. У Калифорния штатидаги Тибурон шаҳридаги уйида ўлик ҳолда топилди. Ўз жонига қасд қилишининг сабаби сифатида оғир тушкунлик кўрсатилди, негаки бир неча ой муқаддам шифокорлар унга Паркинсон хасталигини ташхис қилишган эди. Кейинчалик унда Паркинсон эмас, DLB борлиги айтилди.