4 ноябрда Россияда Халқ бирдамлиги куни нишонланди. Ушбу байрам 1612 йилда Москванинг польшалик босқинчилардан озод қилиниши шарафига таъсис қилинган. Бу байрам давлат байрами сифатида 2005 йилдан бери нишонланиб келинмоқда. Байрам 1996 йилдан нишонланиб келинган Муроса ва ҳамжиҳатлик куни, ундан аввалроқ эса 7 ноябрь инқилоб куни сифатида нишонланган байрам ўрнига келган.

Анъанага кўра, Россия президенти Владимир Путин 1611-1612 йилдаги халқ кўнгилли аскарлари саркардалари Кузьма Минин ва Дмитрий Пожарский ҳайкали пойига гуллар қўйди. Путиннинг таъкидлашича, бу байрам “она ватан тақдири учун жавобгарликни” намойиш қилади.

Москвада байрам муносабати билан “Биз бирдаммиз!” шиори остида намойиш бўлиб ўтди. Москва марказида йиғилган намойишчилар ўз тадбирларини Мисрда авиафалокатда ҳалок бўлганлар хотираларига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошлашди. Москва полицияси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, тадбирда 85 мингга яқин киши иштирок этган.