"Насаф" - "Пахтакор" (0:1) учрашуви якунланганидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига дастлаб "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев жавоб берди.

"Бугун биз ғалаба учун курашдик. Футболчиларимиз курашишди, интилишди. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман. Ўйин битта голга қадар давом этди. Жамоамиз гол ўтказиб юборгач, амалда учрашув тақдири ҳал этилди.

Артур Геворкяннинг кутилган ўйинни намойиш эта олмаслигига сабаб унда кичик жароҳат бор эди. "Динамо"га қарши баҳсда жароҳат олиб майдонни тарк этганди. Шунга қарамай Геворкян бугун ўйнади ва жонбозлик кўрсатди. Артур жамоамизнинг сўнгги машғулотларини ўтказиб юборганди. Фақатгина кеча ўйин олдидан жамоамиз билан бир гуруҳда шуғулланганди.

Шунингдек, асосий дарвозабонимиз Элдор Суюнов ҳам жароҳати боис жамоамизга кўмаклаша олмади. Бу нарса ҳам мағлубиятга ўз таъсирини ўтказди.

Нўъмон Ҳасанов билан эса ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Гадоев? Биз сўнгги ўйинларда кўп маротаба Гадоевни алмаштирдик. Сабаби унинг ўйинидан қониқмаяпмиз. Агарда бирор мухлис унинг ўйинини мақтаса, демак у футболни яхши тушунмас экан. Айтишим мумкинки, агарда Гадоевни жамоамизда нимадир қониқтирмаётган бўлса, биз бемалол унинг ўрнига бошқа футболчи излашимиз мумкин. Шоҳруҳ Гадоевнинг бошқа қарори бўлса биз унга қаршилик кўрсатмаймиз", - деди Рўзиқул Бердиев.