2015 йилда "Монополия" ўйини ўзининг 80 йиллигини нишонламоқда. Аслида ўйин 1933 йилда америкалик муҳандис Чарльз Дарроу томонидан ўйлаб топилган. Вақт ўтгани сари ўйин оммалашиб, 1973 йилдан "Монополия" бўйича жаҳон чемпионати ҳам ўтказила бошланди. Ўйин дунёнинг 47 тилига ўгирилиб, 114 мамлакатда савдога чиқарилди. Ўтган давр мобайнида "Монополия"нинг кўплаб версиялари ишга туширилди. Жумладан, 2000 йилда "The.com" намунаси чиқди.

1991 йилда Parker Brothers компанияси Американинг Hasbro компанияси томонидан сотиб олинди. Ҳар йили 30 миллиард “монополия долларлари” ишлаб чиқарилади. Бу ҳар йили АҚШда чоп этиладиган ҳақиқий пуллардан 30 фоиз кўп демакдир.
Анъанавий “Монополия” ўйинида ютуқ жамғармаси 20580 долларни ташкил этади. Ушбу ўйин бўйича жаҳон чемпионати ғолиби ҳам айнан шунча миқдорда пул мукофотига эга бўлади.

Иқтисодий стратегия жанридаги ўйинни икки нафардан саккиз нафаргача киши ўйнаши мумкин. Уларнинг ҳар бири бошланғич капиталдан рационал фойдаланган ҳолда бошқа ўйинчиларни банкротга учратишга ҳаракат қилади.

Бунда хусусий мулкни харид қилиб, бошқа ўйинчилар мос келувчи майдонга келгунига қадар улардан ижара пулини олиш; ижара ҳақини ошириш учун мулк жамланмаларини йиғиш, шундан сўнг улардан уй ва меҳмонхоналар қуриб, улар орқали даромадларни янада ошириш талаб қилинади.