Америка полицияси 13 йил олдин йўқолган болани топди

Жамият 05 Ноябрь 2015 5116

Америка полицияси 13 йил аввал йўқолган болани топди. CNN телеканали маълумотига кўра, болакай ўз отаси томонидан ўғирланган.

Ҳулиан Эрнандес 2002 йилда, Алабамада беш ёшдалигида бедарак кетганди. У онасининг васийлик ҳуқуқи остидаги бўлган.

WKYC телеканали хабарига кўра, махсус хизмат вакиллари 18 ёшга тўлиб, коллежга ҳужжат топшираётган Ҳулиан ўз ижтимоий суғурта картаси рақамини кўрсатганидан сўнг, уни кузата бошлашган.

Маълум бўлишича, отаси Ҳулианга берган карта рақами сохта бўлиб чиққан. Шундан сўнг бола мактабдаги психолог-маслаҳатчиларга мурожаат қилган. Маслаҳатчилар эса Ҳулиан йўқолган болалар федерал рўйхатида эканлигини аниқлаган ва Федерал қидирув бюросига (ФҚБ) хабар қилган.

Қонун ҳимоячилари сохта ном билан яшаётган Ҳулианнинг отаси Бобби Эрнандесни Огайо штатида қўлга туширди. Бобби Эрнандес билан бирга у яшаётган уйда номаълум аёл ва икки ёш бола ҳам бўлган.

Бобби Эрнандес Огайо штати ҳукумати томонидан қўлга олинди. Унга Огайода 2012 йилнинг март ойида ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда ҳужжатларини қалбакилаштириш айби қўйилди. Алабама штатида эса унга ёш болани ўғирлашда айбланиб жиноий иш қўзғатилган.

Кўпроқ янгиликлар