4 ноябрь куни Матье Вальбуэнага нисбатан товламачилик иши бўйича Версаль полицияси томонидан ҳибсга олинган Карим Бензема бугун суд саволларига жавоб беради.

У ўтган тунни қамоқхонада ўтказган.

Тергов жараёнида аниқланишича, Бензема Вальбуэнага алоқадор шундай видеолар мавжудлиги ҳақида хабардор бўлган. Бугунги суд жараёнида унинг бу жараёндаги роли қандай бўлгани аниқланиши кутилмоқда: у Вальбуэнага товламачиларнинг талабини бажариб, муаммони ҳал қилишни маслаҳат бериш орқали унга ёрдам бермоқчи бўлганми ёки унинг ўзи ҳам товламачиларнинг шериги бўлганми?

Аввалроқ тўрт нафар гумонланувчи, жумладан франциялик яна бир футболчи Жибриль Сиссе Вальбуэнага нисбатан товламачилик қилганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди. Жиноятчилар "Лион" футболчисига унинг ишқий муносабатлари тасвирланган видеоёзувга эга эканлиги билан таҳдид қилган эди.

Полиция Сиссега қарши етарлича ишончли далиллар топилмаганлиги сабабли уни қўйиб юборганди. Қолган ҳибсга олинганлар асосий гумонланувчилар бўлиб қолмоқда.