Ҳиндистонлик адиба эътироз тариқасида ўзига топширилган мукофотни қайтариб берди

Жаҳон 05 Ноябрь 2015 2279

Ҳиндистонлик ёзувчи, Букер мукофоти совриндори Арундати Рой 1989 йили энг яхши сценарий учун берилган давлат мукофотини диний бағриторликка эътироз рамзи сифатида қайтариб берди. Бу ҳақда Indian Express нашри ёзмоқда.

Илгарироқ адабиёт академиясининг мукофотини 40дан ортиқ ёзувчи қайтариб берган эди. Октябрь ойи охирида улар академия яқинида эътироз маршини ўтказишди.
Ёзувчилар, диний бағрикенглик, табақалараро бағрикенглик ва сўз эркинлиги учун курашмоқдалар.

“Мен қайтаришим мумкин бўлган давлат мукофотини топганимдан хурсандман, негаки бу ёзувчилар, фильмлар яратувчилари ва олимлар бошлаб берган сиёсий ҳаракатга қўшилишимга имкон берди”, - таъкидлади Рой хоним.
Шунингдек, аёл охирги пайтларда диний камчиликлар ҳамда далитлар табақаси вакилларига уюштирилаётган ҳужумлар, бу билан боғлиқ содир этилган қотилликларни кескин қоралади.

“Бу даҳшатли қотилликлар чуқур хасталик аломатларидир, - эътироф этди Арундати Рой. – Бутун бошли жамоатлар, миллионлаб, далитлар, адивасилар, мусулмонлар ва христианлар уларга қачон ҳужум қилинишини кутиб қўрқувда яшашга мажбур”.

Кўпроқ янгиликлар