Япониянинг Honda автомобилсозлик компанияси АҚШ бозоридан орқа тормозлардаги нуқсонни бартараф этиш мақсадида 145 мингта мотоциклини чақиртириб олмоқда. Маълум қилинишича, носозлик ёнғин ёки фалокатга олиб келиши мумкин.   

2001-2010 йилларда ҳамда 2012-2015 йилларда ишлаб чиқарилган GL1800 моделидаги мотоцикллар чақиртириб олинмоқда. Бундан ташқари, 2001-2005 йилда ишлаб чиқарилган GL1800A ва 2013-2015 йилларда ишлаб чиқарилган GL1800B моделидаги мотоциклларда ҳам муаммоли қисмлар алмаштирилади.

Honda маълумотларига кўра, бу моделлардаги орқа тормозлар ишламай қолиб, қизиб кетишга ва бунинг оқибатида ёнғинга олиб келиши мумкин. Компания 2014 йилда шу нуқсон туфайли юз берган 8 та ёнғин ҳолатидан хабари бор. Аввалроқ ҳам компания шу муаммо туфайли бир нечта моделдаги мотоциклларни чақиртириб олган эди.