Москва—Ереван йўналишида қатновчи автобуснинг Тула вилояти ҳудудида ҳалокатли йўл транспорти ҳодисаси содир этишига сабаб, автобус ҳаракати давомида ҳайдовчининг ухлаб қолганидир. Бу ҳақда Россия ички ишлар вазири ўринбосари Александр Савенков маълумотига асосланиб, ТАСС хабар бермоқда.

Салонида Арманистон фуқаролари бор автобус Тула вилоятининг М4 “Дон” трассасида 3 ноябрь куни тунда ҳалокатга учраган. Авария натижасида 8 нафар киши ҳалок бўлди, 47 нафарга яқини эса турли даражадаги тан жароҳати олди.

Тула вилояти суди қарори билан 44 ёшли ҳайдовчи ҳибсга олинди. ЙТҲда ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасидан 29 нафари Россия ФВВнинг махсус бортида Арманистонга етказилган. Айни дамда Туладаги шифохонада 12 нафар жабрланган киши қолган. Шулардан уч нафарининг аҳволи оғир.