Наманган шаҳридаги хонадонларни қиш мавсумида иситиш масаласи деярли ҳар йил ўткир баҳсларга сабаб бўлади. Агар ҳовлиларда ҳар бир киши ўз кунини ўзи кўрса, кўп хонадонли уйларда истиқомат қилувчи аҳоли “Иссиқлик манбаи” корхонасидан умид қилишга мажбур.

Журналист Игорь Решетниковнинг “Новости Узбекистана” нашрида чоп этилган мақоласида таъкидланишича, шаҳарнинг айрим миттитуманларида 2008 йилдан буён марказий иситиш тизими ишламайди. Мисол тариқасида у 7-миттитуман аҳолиси билан ўтказган суҳбатлари хулосаларини келтирди. Ушбу ҳудудда яшовчиларнинг бир овоздан таъкидлашича, кўп бора капитал таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги эътироф этилганлигига қарамай, ҳозирга қадар кўп қаватли уйларни иситиш йўлга қўйилмаган.

Бу борада аҳоли кўп маротаба “Иссиқлик манбаи”га мурожаат қилишган, аммо бу натижа келтирмаган.
“Шунга ўхшаган вазият 1 ва 2-миттитуманлардаги хонадонларда ҳам кузатилмоқда”, - деб ёзади муаллиф.
Корхона директори вазифани бажарувчи Олимжон Абдуллаевнинг тушунтиришича, иситиш мавсумига тайёргарлик ишлари кеч бошланган. Таъмирлаш ишларига маблағ сентябрдагина ажратила бошланган. Бундан ташқари, таъкидланишича, вилоят бошқармаси ажратган 400 млн сўм барча ишларни якунлаш имконини бермайди.

“Бу пуллар билан 31 иситиш қозонида жорий таъмирлаш ишлари ўтказилади, биттаси капитал таъмирдан ўтказилади, 24та қозон эса эксплуатацияга ҳозирланади, - деди Абдуллаев. – Шунингдек, 4.6 км иссиқлик магистраллари, 6.8 км жорий магистраллар таъмирдан ўтказилмоқда, 7 км магистралларда изоляция ўтказилди”.
Бундан ташқари, материалда таъкидланишича, аҳоли томонидан вақтида тўловларнинг амалга оширилмаслиги ҳам тайёргарлик ишларини бир қадар сусайтирмоқда.