“Жабҳат ан Нусра” террорчилик гуруҳи жангарилари германиялик ҳомиладор журналистни асирда тутиб туришибди ва унинг эвазига Германия ҳукуматидан йирик суммали пул талаб этишмоқда. Бу ҳақда Al Arabiya канали хабар берган.

Каналнинг маълумотларига кўра, исми ва қайси ОАВ вакили эканлиги сир тутилаётган журналист аёл бир ой муқаддам Туркия орқали Сурияга ўтади. Орадан тахминан ўн кун ўтиб эса, “Жабҳат ан Нусра” экстремистларининг қўлига тушади. Айни дамда уни Суриянинг Идлиб шаҳри яқинидаги шаҳарчада ушлаб туришибди.

Террорчилар Германия ҳукумати эътиборини “унинг озодлиги эвазига 6 млн. евро” тўлаш шарти билан ўзларига қаратишди. Аммо террорчилар қўйган шарт журналистнинг ҳомиладор эканлиги аён бўлгач, икки ҳиссага кўпайди. Энди террорчилар “Германиянинг икки фуқароси учун” пул талаб қилишмоқда.

Германиялик журналистни озод этиш бўйича музокаралар хусусида ахборот берилмаган.