"Реал" клуби президенти Флорентино Перес ва ҳужумчи Криштиану Роналду ПСЖ жамоасига қарши ЕЧЛ ўйини арафасида учрашишди.

Перес футболчилар билан «Сантьяго Бернабеу» кийиниш хонаси ёнида саломлашган. Навбат Роналдуга етганда, президент ундан яқинда берган интервьюсига изоҳ сўраган. Футболчи, ўз навбатида, Перес унинг сўзларини нотўғри тушунганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Роналду Kicker нашрига берган интервьюси чоғида бошқа жамоага ўтиши мумкинлигига шаъма қилган эди.

"Мен "Реал"дан кетишим мумкинми? Нега энди йўқ? Мен ҳозирда Мадридда ўйнаяпман, бироқ футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Сени бахтли қиладиган ишни амалга оширишинг лозим. Эртага нималар рўй беришини ҳеч ким билмайди", - деганди ўшанда Роналду.