Қозоғистон давлат компаниялари британиялик ва халқаро инвесторлар билан умумий қиймати 3 млрд долларлик келишув имзолашди. Бу ҳақда 4 ноябрда Қозоғистоннинг “Самрук-Казина” миллий фаровонлиги жамғармаси матбуот хизмати маълум қилди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Буюк Британияга ташрифи давомида бўлиб ўтган Қозоғистон-Британия ишбилармонлик кенгаши йиғилиши якунларига кўра нефть-газ, тоғ-кончилик, энергетика соҳаларида бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Қозоғистоннинг энг йирик “Самрук-Энерго” давлат энергетика холдинги ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида Чордарё ГЭСини модернизация қилиш лойиҳасини молиялаштириш бўйича 51,4 млн долларлик келишув имзоланди. Бундан ташқари, “Самрук-Казина Инвест” компанияси Британиянинг United Green Group компанияси билан 105,5 млн долларлик инвестицион лойиҳани амалга ошириш бўйича битим тузди. Бу лойиҳада Қозоғистонда биринчи Жамбул вилоятидаги “Бурное” қуёш электр станцияси қувватларини 50 МВт дан 100 МВт гача ошириш кўзда тутилган.