Россиянинг Жанубий Сахалин вилоят суди “Худога илтижо” китобини экстремистик деб тан олиш ҳақидаги ҳукмни бекор қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар бермоқда.
Бундан ташқари, суд вилоят прокуратурасининг китобнинг айрим парчаларини экстремистик деб топиш борасидаги апелляция тақдимотини рад қилишга қарор берилди.

“Бу муҳим қарордир, - деди Чеченистон раҳбари Рамзон Қодировнинг вакили Саид-Магомед Чапанов. – Бу бутун жаҳон ҳамжамиятининг ғалабасидир. Ўз баёноти билан прокуратура Қуръон иқтибосларини шубҳа остига қўйди. Ҳар бир мусулмон кун давомида камида 17 марта дуо ўқийди. Бундан чиқди, ҳар бир мусулмон кунига 17 марта экстремист экан.

Қуръон сураларини ман қилиш христианларга “Отамиз”ни ўқишга ман қилишдай гапдир”.
Илгарироқ Чеченистон етакчиси Қуръондан парчалар келтирилган китобни экстремистик руҳда деб топган прокуратура билан судлашишни бошлаб, узр сўрашни талаб қилгани ҳақида маълумот берилган эди.