Буюк Британия суди 50 ёшли аёлни ўзининг кекса ёшдаги онасининг пулларини сарфлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Аёл ҳар ой онасининг пулидан 250 фунт стерлингга яқинини пирожний ва хамир ичидаги сосискалар сотиб олишга сарфлаган, деб ёзмоқда The Telegraph нашри.

Ажрашган бу аёл қариялар уйида яшайдиган онасининг ёнига мунтазам равишда қатнаб, унга тарелка тўла турли егулик – чўчқа гўштидан тайёрланган пироглардан тортиб печеньеларгача олиб келган.

Суд ҳаками Дензел Лаш аёлни “нодонликда” айблади, чунки кексаларга хос бўлган ақли заифликдан азият чекувчи 70 ёшли онаси аксарият ҳолларда бундай егуликни емайди ва уни ювундига ташлаб юборади ва шу тариқа бу маҳсулотларни сотиб олишга сарфланган пул “чиппакка чиқади”.

Таъкидланишича, кекса аёлнинг қизи онасининг пулларини, уйдаги молиявий ҳолатни тўлиқ назорат қилган. Суднинг қарорига кўра, эндиликда кекса аёлнинг пулларини ақлий қобилиятларида муаммолари бор одамларга ёрдам берадиган махсус орган – васийлик бўйича жамоатчилик бошқармаси назорат қилади.