Тожикистон транспорт вазирлиги Жанубий Судан ҳудудида ўзларининг самолёти қулаб тушганидан кейин хусусий Asia Airways авиакомпанияси рейсларини бекор қилди. Бу ҳақда РИА «Новости» нашри вазирликнинг фуқаролик авиацияси департаменти раҳбари Юсуф Раҳмонов берган маълумотга таяниб хабар тарқатмоқда.

«Ан-12 авиалайнери ҳалокатга учраганидан кейин Тожикистон транспорт тизимини тартибга солиш давлат назорат хизмати мазкур авиакомпания рейсларини бекор қилди», — дея таъкидлади Раҳмонов.

Олдинроқ, Жанубий Суданда ҳалокатга учраган Ан-12 самолёти техник текширувдан ўта олмагани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни Жанубий Суданда Ан-12 русумли юк ташувчи самолёт қулаб тушган ва 39 кишининг ўлимига сабаб бўлганди.

Самолёт 44 йил олдин Тошкентда тайёрлангани маълум бўлган.