2015 йилнинг 10 ойи давомида пойтахтимизда ўт ўчириш экипажлари 1 минг 474 маротаба ёнғинларга чақирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ИИББ Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган матбуот анжуманида хабар қилинди.

“Қиш мавсумида Тошкент шаҳрида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусидаги матбуот анжуманида содир бўлган ёнғинларда 20 нафар фуқаронинг ҳаёти қутқарилгани, шунингдек, 2 миллиард сўмдан зиёдроқ моддий бойликлар сақлаб қолингани маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати хабарига кўра, ёнғинларнинг олдини олиш борасида фуқаролар билан кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб бориш мақсадида аҳоли турар жойлари, корхона ва ташкилотларда учрашувлар ташкил этилди.
Ўта муҳим, тоифаланган объектлар ва халқ хўжалиги масканлари, мактаб, бошқа ўқув юртлари ва фуқаролар кўп йиғиладиган жойларда 1200дан зиёд ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ташкил этилди.