2015 йилнинг 10 ойи давомида пойтахтимизда Давлат ёнғин назорати ходимлари томонидан эҳтимолий ёнғинларни бартараф этиш мақсадида 4980та корхона, ташкилот ва хўжаликлар текширувдан ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигида ИИББ Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган матбуот анжуманида хабар қилинди.

“Қиш мавсумида Тошкент шаҳрида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар” мавзусидаги матбуот анжуманида таъкидланишича, мазкур текширувларда 96 мингдан ортиқ камчилик ва нуқсонлар аниқланди. Айни пайтгача уларнинг 74 фоизи бартараф этилди.
Текширувлар натижалари бўйича ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган ёхуд ёнғин назорати хизматларининг кўрсатмаларини бажармаётган 3362 нафар раҳбар, жавобгар шахслар ва фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Зудлик билан бартараф этилмаслиги ёнғин содир бўлишига олиб келиши эҳтимоли мавжуд 3371та корхона, бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчаликка тўхтатилди, 18270та электр ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди.