4 ноябрь куни Эроннинг Ҳуррамобод шаҳрида Халқаро кураш уюшмасининг XV конгресси бўлиб ўтди. Ташкилот сайтида чоп этилган ҳисоботда таъкидланишича, тадбирда бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинган.

Кун тартибидаги бирламчи масала IKA янги президенти ва ижроия қўмитаси аъзоларини 4 йил муддатга сайлаш бўлди. Президент этиб Осиё Олимпия кенгаши Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон сайланди. Қувайтлик мутахассис 2014 йил январидан буён президент вазифасини бажариб келаётган эди.

IKA раиси этиб Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Муроджон Алиев сайланди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг яна бир вакили – Рамазон Пўлатов умумий масалалар бўйича президенти ўринбосари этиб сайланди.

Шунингдек, курашни ривожлантиришга қўшган ҳиссасининг эътирофи тариқасида IKA фахрий президентлигига курашнинг халқаро қоидалари муаллифи ҳамда ташкилотнинг 1998-2014 йиллардаги биринчи президенти Комил Юсупов тайинланди.

Шундан сўнг конгресс иштирокчилари Ҳайдар Фармон томонидан Осиё Олимпия кенгашининг курашни 2018 йили Индонезияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари расмий дастурига киритилганидан бохабар этилди. Шунингдек, кураш 2016 йили Вьетнамда ўтадиган Осиё пляж ўйинлари ҳамда 2017 йили Туркманистонда ўтказиладиган Осиё жанг санъатлари ўйинлари расмий дастурларига ҳам киритилди.

Ҳиндистон делегацияси 2016 йил ноябрида Коччи курорт шаҳрида ўтказиладиган 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳамда XVI IKA конгрессига тайёргарлик жараёни хусусида ахборот берди.
Бугун Ҳураммободдаги Тахти спорт комплексида кураш бўйича катталар ўртасидаги X жаҳон чемпионати бошланади.