АҚШ вице-президенти Жо Байден Украина президенти Пётр Порошенко билан телефон орқали суҳбатда Киевга порахўрликка қарши кураш ва солиқ ислоҳотларини ўтказиш учун 1 миллиард долларлик учинчи траншни тақдим этишга ваъда берди, дея хабар қилинди Америка маъмурияти раҳбари сайтида.

Вице-президент Қўшма Штатларнинг Украинага кредит ажратишга тайёр эканини қайд этиб ўтди. Бу маблағлар порахўрликка қарши курашда тергов ва суд жараёнларини кучайтириш ҳамда мамлакатда Жаҳон валюта фонди дастурларига мос келувчи солиқ ислоҳотларини ўтказишда кафолат бўлиб хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Аввалроқ АҚШ вице-президенти Жо Байден ва Украина президенти Пётр Порошенко бир неча мавзуларда суҳбатлашиб, иқтисодий ислоҳотлар, порахўрликка қарши кураш ташаббуслари, шунингдек, Минск шартномаси тўғрисида музокаралар олиб боргани тўғрисида хабар қилинган эди.