Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев журналистларни Ахборот ва матбуот куни билан табриклади. Табрикнома матни давлат раҳбарининг матбуот хизмати томонидан тарқатилди.

Ўз мурожаатида Қирғизистон раҳбари журналистларни жамиятдаги муҳим ўринларини тўғри англаб етган ҳолда касбларига чуқур масъулият билан ёндашиш ва нохолисликка йўл қўймасликка чақирди.

“Матбуот бизни ҳар куни охирги янгиликлар билан таништириб боради. Шу билан бирга журналистлар жамоатчилик фикрининг ифодачиси, халқ ва ҳокимият ўртасидаги кўприк вазифасини ўтайди, - дейилади ҳужжатда. – Кучли сўз одамларни бирлаштириш, яхшиликка ишонч уйғотиш қобилиятига эга.

Аммо у вайрон қилиш қудратини ҳам намойиш эта олади. Шу боис журналист қалами ўткир, лекин айни пайтда холис бўлиши зарур”.
Атамбаев газета саҳифаларида ва телевидение эфирида ватанга муҳаббат ҳамда инсонлар ҳаётини яхшилаш нияти самимий акс этишига тилак билдириб қолди.