Австриялик 85 ёшли кекса аёл умумий қиймати 1 млн еврони ташкил қиладиган қоғоз пулларни қариндошларига қолдиришни истамай, қирқиб ташлади. Аёлнинг исми ошкор этилмаган. The Sun нашрининг ёзиишича, аёлнинг бу иши унинг қариялар уйида ўлимидан кейин маълум бўлди.

Кекса аёл умумий қиймати 950 минг евро бўлган турли қийматдаги минглаб қоғоз пулларни қирқиб ташлади. Бироқ бу воқеада аёлнинг яқинлари охирги бўлиб “кулишлари” мумкин, деб хабар бермоқда нашр. Банкирларнинг таъкидлашича, агар улар пулларнинг парчаларини олсалар, аёлнинг яқинларига бу суммани тиклаб беришлари мумкин. Бундан воқиф бўлгач аёлнинг қариндошлари пулларнинг исталган парчаларини қидиришга тушиб кетишди.

Маҳаллий прокурор Эрих Хабицль йиртиб ташланган нақд пуллар топилганини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, аёл ҳеч қандай қонунни бузмаган, чунки пуллар унинг шахсий мулки бўлган. “Шунинг учун биз тергов бошламадик”, деб айтди прокурор.

Австрия Миллий банки ходими Фридрих Хаммерсшмидтнинг айтишича, агар аёлнинг меросхўрлари пулларнинг парчаларини топа олсалар ва уларнинг ҳақиқийлиги тасдиқланса, унда “барча йиртиб ташланган пуллар бутунига алмаштириб берилиши мумкин”.