Россия ФВВ самолёти Ямандаги фуқаролар урушидан қочиб, мамлакат ҳудудини тарк этишни истаган 50 кишини олиб, Сано шаҳридаги аэропортдан ҳавога кўтарилган. Бу йўловчилар Россия ва МДҲ давлатлари фуқаролигига эга ҳисобланади.

ТАСС нашрининг Россия ФВВ вакили Александр Томашовга асосланиб хабар қилишича, Ил-76 русумли самолёт Москва вақти билан 6 ноябрь куни соат 13:20да ҳавога кўтарилган.
Ушбу самолёт Мисрнинг Асуан шаҳрида тўхтаб, ёнилғи тўлдириши ва Москвага йўл олиши ва Москва вақти билан соат 15:00да (Тошкент вақти билан соат 17:00) Домодедовога қўниши айтилган.

Бундан аввалроқ, Ил-76 самолёти Яманга 20 тоннадан ортиқ инсонпарварлик ёрдамлари олиб келгани хабар қилинганди.