Мисрда фалокатга учраган Россиянинг Airbus А321 самолёти “қора қутилари”нинг ўқилиши авиафалокат сабабларини аниқлашга ҳеч қанча ёрдам бермади, деб хабар бермоқда “Коммерсантъ” нашри.

Нашрнинг терговга яқин манбалари маълумотларига кўра, “қора қутилар” ўзи жойлашган самолётнинг дум қисми узилиб кетиши биланоқ самолёт тизими кўрсаткичларини ёзишдан тўхтаган.

Нашрнинг ёзиишича, вазият шунчалик шиддатли кечганки, учувчилар унга жавоб беришга ҳам улгурмай қолганлар. Бу “қора қутидаги” учувчилар суҳбати ҳам терговга ёрдам бера олмаслигини англатади.

Нашрнинг таъкидлашича, “қора қутилар” парвознинг бутун 20 дақиқаси давомида самолётнинг барча тизимлари соз эканлигини кўрсатган. Самолёт деярли зарур бўлган баландликка кўтарилган. Шундан сўнг самолёт тизимларини қайд қилиш бир онда узилиб қолган.

Экспертларнинг фикрича, бу салоннинг портлаш оқибатида герметиксизланиши оқибатида юз берган бўлиши мумкин. Бунинг оқибатида самолётнинг дум қисми ажралиб кетган. Бунда “қора қутини” датчиклар билан улаб турган барча кабеллар ҳам узилиб кетган.

Учувчи кабинасидаги эксплуатацион регистратор ҳам воқеа сабабларини ўрнатишга ёрдам бериши мумкин эди, бироқ у ҳимоя қобиғисиз бўлган ва самолёт ерга урилганда парчаланиб кетган.